АҚШ Давлат департаменти эълон қилган ҳисоботга кўра, дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлашмоқда.
Беларусда демократия учун тинч намойишларга қарши куч қўллангани, Россияда мухолифат етакчиси Алексей Навальний нишонга олингани ушбу ўзгаришларга яққол мисоллардир.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 30 март куни бўлиб ўтган брифингда бу мамлакатларда «инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тенденциялар йўналиши нотўғри кетяпти», деди.
Блинкен бу мавзуда дунё бўйлаб қарийб 200 давлатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича ўтган йилги аҳвол юзасидан тайёрланган ҳисобот эълон қилиши муносабати билан сўзлади.
«2020 йилда жуда кўп одамлар шафқатсиз шароитларда азоб чекишда давом этган», деб ёзди Блинкен ҳисобот муқаддимасида.
Ҳисоботда Россия ҳам тилга олиниб, шу йили бошида Россияга қайтгач қамалган Навальнийга қарши асабни фалажловчи модда қўлланганига тўхтаб ўтилди.
Ҳисоботда Беларусь «авторитар давлат» сифатида таърифланди. Хитой ҳам кескин танқид қилинди. Хусусан, мамлакат ҳукуматининг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа озчилик мусулмонларга муносабати «геноцид ва инсониятга қарши жиноят» деб таърифланди.