Сурхондарё вилояти Музработ туманида блогер Отабек Сатторийга нисбатан ўтказилаётган суд жараёнинг 17 март куни ўтган йиғилишида ишни ёритиб бораётган бир қатор журналистларга, жумладан, Effect.uz мухбирларига босим ўтказилди. Бу ҳақда Effect.uz ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, суд жараёнида жабрланувчиларнинг адвокати суд мажлисини жонли ёритган журналистларга нисбатан чора кўришни сўради.
Жумладан, Kun.uz ва Effect.uz мухбирлари жараённи жонли ёритгани ортидан “ижтимоий тармоқларда жабрланувчиларга нисбатан инсон шаъни, қадр-қимматини таҳқирловчи кўплаб изоҳлар қолдирилган. Шу сабабли адвокат суд мажлисидан жонли эфир тарқатган сайтлардан бирининг журналистларига нисбатан чора кўриш бўйича илтимоснома киритган”.
Суд адвокатнинг илтимосини қисман қаноатлантирган ва журналистларга жараённи тўғридан тўғри жонли эфирда ёритишни тақиқлаган. Аммо адвокатнинг мухбирларга чора кўриш талабини қаноатлантирмаган.
11 март куни Сурхондарё вилоят Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида маҳаллий блогер Отабек Сатторий устидан суд жараёни бошланган эди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, блогер Отабек Сатторийга Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, блогерга суд жараёнида 8 та айблов қўйилган.
Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.
У 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.
Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.