Яқин кунларда БМТнинг Қочқинлар бўйича бошқармаси Афғонистон учун мўлжалланган гуманитар ёрдамни учта самолётда Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига етказиб беради, деб хабар берди БМТ расмий сайти.
Билдирилишича, Термизга етказилган гуманитар ёрдам Ҳайратон кўприги орқали юк ташувчи машиналар билан Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига олиб ўтилади.
Гуманитар ёрдам юкланган биринчи самолёт Термизга октябрь ойининг ўрталарида жўнатилади.
БМТнинг билдиришича, Афғонистонда гуманитар инқироз кучайиб бормоқда. Бугунги кунда камида 20 миллион афғонистонлик ёрдамга муҳтож бўлиб турибди.
БМТ бир ой олдин донор давлатлардан Афғонистонга гуманитар кўмак кўрсатиш учун 606 миллион доллар сўраган эди. Бугунги кунда бу маблағнинг 35 фоизигина тўпланган.