БМТ аёлларга қарши зўравонлик лойиҳаларига 25 миллион доллар ажратади

БМТ логоси

Фавқулодда вазиятларга муносабат марказий жамғармасидан хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашаётган ҳамда бундай зўравонлик қурбони бўлганларни қўлловчи аёллар ташкилотларини дастаклаш учун 25 миллион доллар ажратилади. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Локок билдирган.

БМТ мулозимига кўра, бу маблағларни оқилона сарфлаш ва тўғри қарордир.

Маблағлар хотин-қизлар ташкилотлари билан бевосита ишлайдиган ва уларга молиявий кўмак кўрсатадиган “БМТ-аёллар” тузилмаси ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳисобига ўтказиб берилади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 25 ноябрь – Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун халқаро кураш куни муносабати билан хотин-қизларга нисбатан зўравонликни замонамизнинг энг катта муаммоларидан бири эканини таъкидлаган ва “Биз бу муаммони ҳал қилиш йўлларини қидиришда давом этишимиз лозим”, деган эди.

Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун халқаро кураш куни муносабати билан БМТ, анъанага мувофиқ равишда, бу йил ҳам “16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампаниясини ўтказмоқда.