БМТ Бош Ассамблеяси Москвани Қримни “вақтинча оккупация” қилишни ва Украинанинг айирмачи ҳудудларидаги жангариларга қурол етказиб беришни тўхтатишга чақирди.
Россия бажариши мажбур бўлмаган мазкур резолюцияда “Россия Федерацияси оккупация қилган мамлакат сифатида тезкорликда, тўлиқ ва ҳеч қандай шартларсиз Қримдан ўз Қуролли кучларини олиб чиқиб кетиши ҳамда Украина ҳудудини вақтинча оккупация қилишни тўхтатиши лозим”, деб айтилади.
Резолюцияда Россия “Украина ҳудудига” қуроллар, жумладан, ядровий қурол ташиш имкониятига эга бўлган самолётлар, ракеталар ва ўқ-дориларни етказиб беришни тўхтатишга чақирилган.
7 декабрда қабул қилинган резолюцияни 63 давлат қўллаб-қувватлади. Резолюцияга 17 давлат қарши овоз берди ва 62 давлат бетараф қолди.
Россия 2014 йилнинг март ойида Украинага қарашли Қрим мухториятини босиб олган эди.