Калтакланган бойсунлик ички ишлар ходимларини зўравонликда айбламоқда

Эркин Абдураҳмонов Бойсун туман шифохонасида қолмоқда

Бойсун туманилик 45 яшар Эркин Абдураҳмонов ички ишлар ходимлари томонидан аёвсиз калтакланганини иддао қиларкан, олган жароҳатлари туфайли Бойсун туман шифохонасида қолаётганини билдирди.

Ҳодиса юз берган маҳалла участка нозирининг Озодликка билдиришича, бу Абдураҳмонов билан боғлиқ воқеа юзасидан прокуратура текширув ишларини бошлаб юборган.

Айни пайтда, Бойсун тумани Ички ишлар бўлимида бу масалада маълумотга эга эмасликлари ва ҳеч кимдан калтаклангани тўғрисида арзиза келиб тушмаганини билдиришди.

Сурхондарё вилоят, Бойсун туман, Тўда маҳалла фуқаролар йиғинидан Озодликка мурожаат қилган шахс 3 август куни маҳалладоши Миллий Гвардия ва ички ишлар ходимлари томонидан қаттиқ калтаклангани ва шифохонага ётқизилганини иддао қилди:

- 3 август, соат 23-30 лар атрофида Бойсун туман ИИБ ЙПХ ходими Қ.Ж.нинг Туда МФЙ фуқаролари билан келишмовчилиги келиб чиқиб, ушбу махалла фуқароси, 1974 йилда туғилган Абдураҳмонов Эркин Раҳмоновичга Миллий Гвардия ва туман ИИБ ходимлари жиддий жароҳат етказган. Хусусан, Абдураҳмоновнинг кўз тўқималари жароҳатланган, шунингдек, 10-чи қовурғасини синдиришган" дея иддао қилди исмини очиқламасликни сўраган суҳбатдош.

Тўда маҳалласи вакили Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Бойсун тумани янги тартибга кўра 4 секторга ажратилгани ва Тўда маҳалласи туман прокурори назоратига тушган секторга киритилганини билдирди. У шу боис "прокуратура ва милиция келишилган ҳолда Эркин Абдураҳмоновнинг ички ишлар ходимлари томонидан беаёв калтакланганини яширишга уринмоқда" дея иддао қилди.

Жабрлангани, 3 кундан буён Бойсун туман шифохонасида даволанаётгани айтилаётган Эркин Абдураҳмоновнинг ўзи Озодликка телефон орқали бундай деди:

- Ҳозир Бойсун туман "Тез ёрдами"да ётибман. Мени ички ишлар ходимлари калтаклашди. 3 август куни кечқурун 9 ларда Тўда маҳалласидан бир машина кўмир кулини олиб келятувдим. Тўхтатишди. Иккита ГАИ ходими бор экан, “Кулим бор”, дедим. “2 миллион берасан”, деди. Гап шундаки, кўмир кулини тоғдан ноқонуний олиб келиш тўхтатилган, мумкин эмас. Биз чой пули бериб ўтиб кетардик, одатда. “Келишайлик”, деган эдим, онадан олиб сўкворди. “Сўкинманг!”, десам кўзимга мушт билан урдида формадаги ДАН ходими! Кейин кўпайишиб уришди. Каллаларимга тепди, биттаси “Икром, қаттиқ тепма – ўлиб қолади!”, деди. У бўлса “Ўзбекларни онасини палон қиламан!”, деб бақирди, дейди ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Эркин.

Бойсунлик йигитнинг айтишича, уни калтаклашда маст ҳолатда бўлган участка нозири ва бошқа ички ишлар ходимлари иштирок этган.

Эркин “Калтаклаш милиция бўлимида давом этди”, дейди:

- Масти ҳам бор эди. Милиция бўлимида яна уришди. Сув, нарса бермасдан қамаб ташлашди. Иккита жияним келувди, уларни ҳам уришди ва қамаб ташлашди. Бу Бойсун туман ички ишлар отделида бўлди. Ичкарида битта баклашка бериб “Шунга ч...иб, сиясан!”, деди. “Ўляпман, духтир чақир” десам чақирмади. Кечаси қўлимдан қон олиб, кейин “Тез ёрдам” чақирди, деди Эркин Абдураҳмонов.

Бойсун туман шифохонаси врачларидан бири жабрланган шахснинг мияси чайқалгани ва лат егани, кўзи қонталашиб, шишиб кетгани, қовурғаси сингани ва танасининг кўп жойида жароҳатлар борлигини билдирди.

Эркин ҳозирда ҳодиса юзасидан шикоят кимга қилишни билмаётганини, унинг калтакланганига укалари ҳам гувоҳ бўлганини айтди.

Бойсун туман Тўда маҳалласи участка нозири Рустам Набиевдан Озодлик олган маълумотга қараганда, Эркин Адбураҳмонов калтакланиши юзасидан прокуратура текшируви олиб борилмоқда:

- Суриштирув материали менда эмас – Бойсун туман прокуратураси ҳозир бу иш юзасидан текширув олиб бормоқда. Жанжал масаласига келсак, аниқ билмайман ким-кимни урганини, тан жароҳати қаердан келганини. 3 август куни кечки пайт маҳаллада тўй бўлганди ва жамоат тартибини сақлаш учун туйда эдим. Дарҳақиқат, Тўда маҳалласи 2- сектор бўлгани сабабли Бойсун тумани прокурори сектор бошлиғи ҳисобланади, деди ички ишлар ходими.

Айни пайтда, Бойсун тумани Ички ишлар бўлимида бу масалада маълумотга эга эмасликлари ва ҳеч кимдан калтаклангани юзасидан арз-шикоят келиб тушмаганини билдиришди.

Бойсун тумани Ички ишлар ходимларини калтаклашда айблаётган тўдаликлар Эркин Адбураҳмоновга жароҳат етказган айрим ходимлар исми-фамилияларини Озодликка маълум қилди.