Болаларни мунтазам калтаклаб келган ноқонуний ҳужра “мударриси”га нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Калтакланган ўқувчилардан бири. Uzreport видеосидан олинган скриншот.

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида ноқонуний ҳужра ташкил қилиб, балоғатга етмаган болаларга диний таълим берган А., исмли шахсга нисбатан қасддан баданга ўрта даражада шикаст етказиш моддаси асосида жиноят иши очилди.

Маҳаллий матбуотнинг Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига таянган ҳолда хабар беришича, Шайхонтоҳур туманидаги “Жанггоҳ” маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшовчи А., исмли шахс ўз квартирасида ҳужра ташкил қилгани 2020 йилнинг 20 декабрида аниқланган.

Қуръон ўргатиш билан шуғулланиб келган бу шахснинг диний маълумоти ва ушбу фаолиятга рухсати бўлмаган.
Текширув жараёнида “мударрис” дарсини топшира олмаган болаларни мунтазам равишда ўқлов билан калтаклаб келгани аниқланган.

Uzreport телеканали орқали намойиш этилган лавҳада ҳужра эгаси: “Доим ҳам қаттиқ уравермасдим. Бу сафар қаттиқроқ уриб қўйдим. Айб ўзимда”,-деб айтган.

Ҳужрада ўқиётган болаларнинг ота-оналари А.,га фарзандларининг таълими учун 150−200 доллар ҳақ тўлашган.

“Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўрта даражада шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.

“Газета уз”нинг ёзишича, ўтган йилнинг декабрида Тошкентда учта ноқонуний ҳужра аниқлангани ва у ерда ўқиётган болалар мунтазам калтакланиб, очлик билан жазолангани хабар қилинган.