Бош вазир Абдулла Арипов 29 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сардоба тўғони ўпирилиши оқибатида сув тошқинини бошидан кечирган Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида барпо этилган янги маҳаллаларни бориб кўрди.
“Кун уз”нинг ёзишича, Бош вазир ташрифидан мақсад мазкур туманларда бажарилган ишлар билан танишишдир.
“Абдулла Арипов президент топшириқларини амалга ошириш масалаларини туманлар фаоллари билан муҳокама этмоқда”, -дейилади хабарда.
Хабарда таъкидланишича, янги қурилган уйларни тарқатишда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Аввалроқ Озодлик радиоси 13 октябрь куни президент Шавкат Мирзиëев Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши ортидан вайрон бўлган ҳудудларга боргани тўғрисида хабар берган эди.
Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди.
Мавзуга алоқадор Ваъда қилинган пулни ололмаган сардобаликлар иккинчи кун Вазирлар Маҳкамаси олдида тунамоқда (ВИДЕО)Расмий ва маҳаллий нашрларга кўра¸ 13 октябрь куни президент Сардоба туфайли мол-мулкидан ажраганларга янги ва замонавий уйларни топшириш орқали ўз ваъдаси бажарилганини намойиш қилган.
Айни пайтда Озодликка боғланган сардобалик жабрдийдалар кўпчиликнинг ҳамон коллежлар ëки ижара уйларда яшаб юргани¸ маҳаллий телеканалларда янги уйига президент меҳмон бўлгани кўрсатилган лавҳанинг навбатдаги "шоу" эканини айтишди.