Бош прокуратура Наманган вилоятида ёшларга деҳқончилик учун ер ажратиб бериш билан шуғулланаяпти. Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов бу масалада Наманган вилоятининг Поп туманида сектор раҳбарлари ва масъуллар билан учрашув ўтгазган.
Бош прокуратуранинг билдиришича, учрашув ортидан Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларда яшовчи 32 нафар ёшнинг ҳар бирига 25 сотихдан жами 8 гектар ер ажратиб берилган. Бундан ташқари яна 287 нафар ёшга 61,5 гектар ер майдони ажратилди.
Бош прокуратура бундай тадбирлар Наманган вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилганини маълум қилди.
Хабарда таъкидланишича, ўтказилган тадбирлар натижасида Косонсойда 324 ёшга 91 гектар, Мингбулоқда 356 ёшга 105 гектар, Наманганда 315 ёшга 63 гектар, Норинда 230 ёшга 46 гектар, Тўрақўрғонда 100 ёшга 20 гектар, Уйчида 308 ёшга 63 гектар, Учқўрғонда 311 ёшга 94 гектар, Чортоқда 233 ёшга 46,6 гектар, Чустда 152 нафарига 33,8 гектар, Янгиқўрғонда 79 нафарига 18,8 гектар ер майдонлари ажратиб берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тўғрисида буйруқ берган эди.