Британия Бош вазири давлатларни Толибон ҳукуматини тан олмасликка чақирди

Британия Бош вазири Борис Жонсон.

Британия Бош вазири Борис Жонсон 15 август куни матбуотга берган интервьюсида давлатларни Толибонни Афғонистон ҳукумати сифатида тан олмасликка чақирди.

“Биз бирон бир давлат икки томонлама келишувга асосланган ҳолда Толибонни тан олишини истамаймиз”,-деди Жонсон.

Бош вазир Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун парламентни таътилдан чақириб олганини ҳам айтди.

Жонсонга кўра, Лондон 3000 британ фуқаросини эвакуация қилиш учун Кобулга 600 ҳарбийни жўнатади. Кобулдаги Британия элчихонаси ходимларининг асосий қисми ҳам ватанига қайтарилади.

16 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун навбатдан ташқари шошилинч йиғилиш ўтказади.