Британия ва 10та бошқа мамлакатда коронавируснинг яна бир варианти аниқланди

Коронавируснинг B1525 деб номланган янги варианти Буюк Британия ва яна 10та мамлакатда, шу жумладан АҚШ, Австралия ва Нигерияда аниқланди. Бу ҳақда Эдинбург университетининг тадқиқотчиларига таянган ҳолда The Guardian нашри хабар бермоқда.

Вируснинг янги варианти билан касалланиш ҳоллари илк бор Британия ва Нигерияда декабрь ойида аниқланган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, янги штамм аввалроқ Британияда аниқланган B117 штаммига ўхшаб кетади, лекин ундан “хавотир уйғотадиган мутациялар йиғиндиси” билан фарқ қилади. Бу эса янги вирус турини аксил-таначаларга қарши бардошлироқ қилади.

Янги вариант билан Британияда камида 32 киши, Данияда – 35, Нигерияда – 12 киши касалланган. Бир неча ҳоллар АҚШ, Франция, Гана, Австралия, Канада, Иордания ва Испанияда аниқланган.

Ўтган йил кузида олимлар Британияда янги, юқумлироқ SARS-CoV-2 штаммини аниқлагандан бери коронавирус мутацияси жиддий муаммога айланган.

Коронавируснинг яна бир турини ЖАРда аниқлашган. Тадқиқотларга кўра, AstraZeneca ва Pfizer вакциналари бу турга қарши унчалик самарали эмас.

ЖАР ҳукумати AstraZeneca вакцинасини ишлаб чиқараётган Ҳиндистоннинг Зардоб институтига 1 млн вакцина дозасини қайтариб олишни сўраб мурожаат қилган.

Бутун дунёда COVID-19 билан касалланишларнинг сони бешинчи ҳафта мунтазам камайиб бормоқда. Бу ҳақида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус билдирган. Йил бошида ҳафтасига 5 миллион одам коронавирус билан касалланган бўлса, ҳозирда бу рақам 2 миллионгача тушган.

Жонс Хопкинс университети таҳлилларига кўра, пандемия даврида коронавирус билан 109 миллиондан ортиқ одам касалланган, шулардан 2,4 миллионга яқини вафот этган.