Британия суд-тиббий экспертизаси: Назарбоевнинг набираси ўлимига гиёҳвандлик сабаб бўлган

Ўлими пайтида 29 ёшда бўлган Айсултан ўз оиласи коррупцияга ботганини тасдиқловчи маълумотга эга эканини айтган.

Британия суд-тиббий экспертизаси Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг набираси Айсултан Назарбоев гиёҳванд моддаларга ружу қўйгани учун табиий сабабларга кўра вафот этганини тасдиқлади.

24 март куни эълон қилинган экспертиза хулосалари Айсултаннинг ўлими борасидаги миш-мишларга узил-кесил нуқта қўйиши кутилмоқда.

Айсултан 2020 йилнинг 16 августида Лондон паркларидан бирида беҳуш ҳолатда топилган эди.

29 ёшда бўлган Айсултан ўз оиласи коррупцияга ботганини тасдиқловчи маълумотга эга эканини айтгани учун ўлдириб кетилгани ҳақида миш-мишлар юзага келган эди.

Айсултан Назарбоев Қозоғистон собиқ президентининг катта қизи Дариға Назарбоева ҳамда Австрия қамоқхонасида ўлган Роҳат Алиевнинг ўртанча ўғлидир.

У бир пайтлар Қозоғистон футбол федерациясида вице-президент лавозимида ишлаган, лекин у умрининг сўнгги йилларида Қозоғистон ҳукумати ва ўз оиласи коррупцияга ботганини айтиб, шов-шувга келтириб чиқарган эди.