Британия қироличаси Елизавета II AstraZeneca вакцинасини ўйлаб топганларга рицарлик мақомини берди.
Елизавета II Оксфорд университети профессори Эндрю Поллардга рицар, икки нафар аёл - илмий ходим Сара Гилберт ва вакциналар бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Кейт Бингемга Кавалер хоним унвонини топширди. Кавалер хоним аёлларга бериладиган рицарлик мақоми даражасидаги мукофотдир.
Британияда 12 июнь куни қироличанинг таваллуд куни нишонланди. Елизавета II шу муносабат билан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарганларни ва пандемияга қарши курашга катта ҳисса қўшганларни рицарликка қабул қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Қиролича мукофотлаган шахслар рўйхатида жами 1129 киши бор.
AstraZeneca Европа Иттифоқида COVID-19га қарши қўллашга рухсат берилган тўртинчи вакцинадир. Март ойида вакцинанинг ножўя таъсири борлиги эҳтимоли ортидан Европа Иттифоқида уни қўллаш вақтинча тўхтатиб қўйилган эди. AstraZeneca ишлаб чиқарувчилари унинг коронавирусга қарши таъсири 79 фоиз эканини билдирган.