“Бунёдкор” стадиони "Milliy"га айланaди

Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони.

Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионининг номи Milliy деб ўзгартирилади ҳамда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ихтиёрига ўтказилади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Бунёдкор” стадиони "Milliy"га айланaди

“Газета.uz” нашрининг Футбол ассоциациясига таяниб хабар беришича, айни пайтда “Бунёдкор” стадионини Футбол ассоциацияси балансига ўтказиш бўйича ҳуқуқий масалалар ҳал этилмоқда.

Келажакда номи Milliy деб ўзгартириладиган мазкур стадион Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг асосий базасига айланади. Бу ерда футбол бўйича миллий терма жамоаларнинг ўқув-машғулот жараёнлари, асосий спорт мусобақалари ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Бу стадионни Англия миллий терма жамоаси мезбон сифатида матчларни ўтказувчи “Уэмбли” стадионининг Ўзбекистондаги муқобилига айлантириш режалаштирилмоқда.

Хабарда айтилишча, стадион базасида ўз ўйинлари ва машғулотларини ўтказиб келган “Бунёдкор” футбол жамоаси 2019 йил охиригача бу ердан фойдаланиши мумкин. Ундан кейин эса “Жар” стадионини ижарага олиши режалаштирилмоқда. “Жар” стадионидан ҳозирда “Пахтакор” жамоаси ҳам ижарада туради.

Бироқ “Бунёдкор” футбол жамоасининг жамоатчилик билан алоқалар менеджери Улуғбек Мирзаев Озодлик радиосига ҳозирча бу масала охиригача ҳал этилмаганини айтди.

- Ҳозирча бу жуда ҳам номаълум масала бўлиб қолмоқда. “Жар”ни ижарага оламизми, ёки бошқа стадионними, номаълум. Стадионнинг эгалик ҳуқуқи бошқа ташкилотга ўтса ҳам стадион қолаверади-ку, бу ерда миллий терма жамоа ўз ўйинларини ўтказиши режалаштирилган. Айни пайтда стадиондан доимий фойдаланадиган жамоа “Бунёдкор” бўлиши мумкин. Ҳозир аниқ бир кўрсатма йўқ,- деди Улуғбек Мирзаев.

2 март куни Озодлик радиоси “Бунёдкор” клуби футболчилари ва расмийларига таянган ҳолда футбол жамоаси молиявий қийинчиликларга дучор бўлгани тўғрисида хабар қилган эди. “Бунёдкор” стадионининг хўжайини алмаштирилаётганига мана шу молиявий қийинчиликлар сабаб бўлмаяптими, деган саволимизга Улуғбек Мирзаев:

-16 мартда президентнинг футболни янада ривожлантириш бўйича қарори чиққан. Мана шу қарор асосида бу иш амалга оширилаяпти. Қарорда “Бунёдкор” стадиони “Бунёдкор” футбол клубидан Ўзбекистон Футбол ассоциацияси балансига ўтказилсин, дейилган,- деб жавоб берди.

Улуғбек Мирзаев айни пайтда "Бунёдкор" клубида ҳеч қандай молиявий муаммолар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Президент Мирзиёевнинг футболни 2018 йилдан 2022 йилгача ривожлантириш бўйича дастурида 2022 йилга келиб миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатларида иштирок этишига эришиш ҳам назарда тутилган.

34 минг томошабинга мўлжалланган “Бунёдкор” стадиони 2012 йилнинг сентябрида ишга туширилган эди.