Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Ашур Тўхтаев 4 миллион 460 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
“Бухоро вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўктам Сафоевнинг маълум қилишича, Ашур Тўхтаев 25 октябрь куни вилоят марказидаги “Ипак йўли” ресторанида карантин талабларига риоя қилмай, 53 нафар фуқарони йиғиб, ўғлининг тўй маросимини ўтказган. Тўйга келган мазкур 53 нафар кишининг иккала қуда томон оила аъзолари, хонандалар ва тўй хизматчиларидан иборатлиги аниқланган”, - дейилади “Дарё” нашри тарқатган хабарда.
Ашур Тўхтаев «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги қонунининг 39-моддаси (аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик) ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмида (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган.
Бу модда асосида БҲМнинг 20 баравари, яъни 4 460 000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Ўзбекистонда коронавирус пандемияси муносабати билан тўйларга 30 кишидан кўп одам чақириш тақиланган.