Бухоро вилоятида “Волга” автомобилининг газ баллони портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди.
“Бу кун” ахборот дастурининг хабар беришича, ҳодиса Бухоро—Ғузор—Денов автомобиль йўлида юз берган. Йўлда кетаётган “Волга”нинг 50 литр ҳажмдаги сиқилган газ баллонининг бири портлаган. Портлашга газ баллонидаги носозлик сабаб бўлган.
Портлаш оқибатида ҳайдовчи ва бир йўловчи ҳалок бўлди. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ИИБ тергов бўлими суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Аввалроқ маҳаллий нашрлар 14 октябрь куни Ўзбекистонда юз берган камида 9 та автоаварияда камида уч киши ҳалок бўлганини билдирган эди.
7 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Ўзбекистонда 2021 йил бошидан бери то шу кунгача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлганини билдирган эди.