Ўзбекистонда 2020 йилда бюджет маблағларининг 246 миллиард сўми асоссиз ишлатилгани ва талон-торож қилингани аниқланди.
Молия вазирлигининг билдиришича, бюджет маблағлари билан боғлиқ энг кўп қонунбузарликлар Халқ таълими вазирлиги тизимида аниқланган. Бу тизимда 2020 йилда 96,6 миллиард сўм ноқонуний ишлатилгани аниқланди. Бу эса 2019 йилга нисбатан 3,2 мартага кўпдир. 2019 йилда Халқ таълими вазирлиги тизимида 29,8 миллиард сўм ноқонуний ишлатигани аниқланган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 40 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу 2019 йилга (13,8 млрд сўм) нисбатан 2,9 мартага кўп.
Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 16,7 миллиард сўмлик қонунбузарликлар аниқланган. Бу тизимда молиявий қонунбузарликлар 2019 йилга (8,3 млрд сўм) нисбатан 2 мартага ошган.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида 9,4 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (1,1 млрд сўм) нисбатан 8,5 мартага ошган.
Маданият вазирлиги (6,8 млрд сўм), Сув хўжалиги вазирлиги (5,6 млрд сўм), Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги (5 млрд сўм), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (4,1 млрд сўм), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (3,1 млрд сўм) ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
“Ўзбеккино” миллий агентлигида ўтказилган назорат тадбирларида 17,9 млрд сўм миқдорида молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.