Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фарҳод Очилов президент Шавкат Мирзиёевга ёқмаган гапларни айтгани учун ишдан олинди. Бу ҳақда “Дарё” нашри халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, вазир 25 ноябрь куни Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармасига янги раҳбар тайинлаш мақсадида йиғилиш ўтказган.
“Вилоят бошқармасига қўйилган янги раҳбар қуруқ ва баландпарвоз гаплар гапириб, давлатимиз раҳбарининг ҳам кўнглини хира қилди. Ўтган сафар ҳаммани йиғиб бу ҳақда гаплашиб олгандик. Шу сабаб давлатимиз раҳбари бу масалада норози бўлиб, бунақада Қашқадарё таълимини кўтаролмаймиз, ўзи шундоғам вилоят республикада энг охирги ўринларда, деганди”,-деб иқтибос келтиради “Дарё” вазирнинг йиғилишда айтган сўзларидан.
Шерзод Шерматов йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев 12—13 ноябрь кунлари вилоятга келганида Қашқадарёда таълим сифати ёмонлигини айтган ва кадрлар танлашдаги хатоликлар ҳақида гапирган.
Хабарда билдирилишича, йиғилишда Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармасига шу кунгача Шаҳрисабз шаҳрини бошқариб келган Тўлқин Каримов тайинланган.