Мактабгача таълим вазирлиги мамлакатдаги болалар боғчаларига сифатсиз кўмир берилгани ва тарбиячилар шу кўмирдан таппи тайёрлагани воқеасига расмий изоҳ берди.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд ва Андижон вилоятларидаги болалар боғчалари тарбиячилари таппи қилаётгани акс этган суратлар тарқалиб, кенг муҳокамага сабаб бўлганди.
Вазирликка кўра, Самарқанддаги воқеа Тайлоқ туманидаги 30-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлган:
«Ушбу муассасага 11 тонна кўмир келтирилган. Ана шу кўмирнинг 400−500 килограми майдаланган, сифатсиз кўмир шаклида бўлган ва шу сабабли ходимлар томонидан шу ҳолатда тайёрланган. Мактабгача таълим муассасаси директори кўмирни увол қилмаслик мақсадида ўз ихтиёрлари билан қўлбола брикет (таппи. таҳр)ларни ясагани маълум бўлди».
Вазирлик тармоқларда тарқалган Андижонга оид суратлар борасида эса маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган.
Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Бухоро ва Андижон вилоятларидаги болалар боғчалари сифатсиз кўмирни қайтариб бергани хабар қилинди.