АҚШ пойтахти Вашингтонда Капитолий биноси олдида сайланган президент Жо Байденни қасамёдга келтириш маросимига тайёргарлик кўраётган ишчи гуруҳ эвакуация қилинди. Бунга Капитолийга яқин ҳудудда ёнғин чиққани сабаб бўлди. Ёнғин оқибатида Капитолий биноси ёпилиб, репетиция қилаётганлар хавфсиз жойга кўчирилди.
Маълум қилинишича, ёнғин уй-жойсиз одамлар бошпана сифатида қўлланиб келган кўприк остидан чиққан. Ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум. Ёнғин чиққан ҳудудга дарҳол полиция етиб келган, ҳудудни осмондан вертолётлар назорат қилган.
Вашингтонда шу кунларда хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган. Пойтахтни 20 мингдан ошиқ полициячи ва Миллий гвардия аскари назорат қилмоқда.
Аввалроқ Федерал қидирув бюроси раҳбари Кристофер Рэй АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг 20 январга белгиланган инаугурацияси арафасида намойиш ва митинглар бўлиши, акциялар чоғида зўравонликлар содир этилиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилган эди.
Жорий йилнинг 6 январь куни президент Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганди. Бунга Трамп 3 ноябрдаги президентлик сайлови пайтида ўзига берилган овозлар ўғирлангани ва натижалар сохталаштирилганига оид далил-исботсиз иддаоларини қайта такрорлагани туртки бўлган. Ҳужум пайтида 5 киши ҳалок бўлган.
Шундан сўнг Вашингтон кўчаларига минглаб қуролланган Миллий гвардия аскарлари сафарбар қилинди. Пойтахтдаги диққатга сазовор жойлар бир неча кунга ёпилди, шаҳарга етакловчи йўллар ва кўприклар тўсилди.
Вашингтон ва штатлардаги фавқулодда чоралар 11 январдан 24 январгача амалда бўлади.