Жорий йилнинг январь ойидан октябригача Ўзбекистонда газ қазиб олиш 9,6 миллиард куб метрга камайди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг бензин, дизель, нефть ва газ ишлаб чиқариш бўйича ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботда таъкидланишича, 2020 йилнинг ўн ойида 40,4 миллиард куб метр газ қазиб олинган. 2019 йилнинг шу даврида эса 50,1 миллиард куб метр газ қазиб олинганди.
Шунингдек, январь–октябрь ойларида 1,1 миллион тоннадан ортиқ газ конденсати қазиб олинди. 2019 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1,7 миллион тоннани ташкил қилганди.
Ҳисоботда ўн ой ичида бензин ишлаб чиқариш 2019 йилга нисбатан анча ошгани ҳам маълум қилинди. Жумладан, 2019 йилда 839,5 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилнинг ўн ойида бу кўрсаткич 849,4 минг тоннани ташкил қилди.
Айни пайтда дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш 2019 йилдаги кўрсаткичдан паст даражада бўлган. Ўтган йили январь-октябрда 839,2 минг тонна дизель ишлаб чиқарилган. 2020 йилнинг ўн ойида эса 812,2 минг тонна дизел ишлаб чиқарилди.
Шу билан бирга, жорий йилда 613,6 минг тонна нефть қазиб олинган. 2019 йилнинг шу даврида 584,4 минг тонна нефть қазиб олинган эди.