Германия "Шимолий оқим-2" газ қувурини қуришга берилган рухсатни вақтинча бекор қилди

Россия қувур ўрнатувчи кемаси Германия соҳилида.

Федерал Денгизчилик ва гидрография агентлиги Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурини якунлаш учун берилган рухсатни вақтинча бекор қилди. Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда. Ушбу қарорга лойиҳага қарши экологларнинг судга юборган шикояти туртки бўлган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Биологик хилма-хилликни сақлаш иттифоқи Гамбург маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Шикоят қувурнинг эксклюзив иқтисодий зонадаги ҳали тугалланмаган қисми билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Экологлар бошидан бери лойиҳани танқид қилиб келади. Уларнинг фикрига кўра, бешта денгиз қўриқхонаси орқали ўтадиган қувур Болтиқ денгизига тузатиб бўлмайдиган зарар етказмоқда.

Апрель ойида яна бир экологик ташкилот – Deutsche Umwelthilfe Nord Stream-2 устидан судга шикоят қилган эди.

АҚШ узоқ йиллардан бери Nord Stream-2 қурилишига қарши чиқиб келади. Вашингтонга кўра, лойиҳа Германияни Россия газига қарам қилиб, Европа хавфсизлигига таҳдид солади.

2019 йилнинг декабрида Вашингтон Болтиқ денгизи тубида лойиҳа қувурларини ётқизишга кўмаклашадиган ҳар қандай ширкатга қарши санкция жорий қилган.