Германия ширкати Россиянинг “Шимолий оқим-2” лойиҳасида иштирок этишдан воз кечди

"Газпром"нинг "Шимолий оқим-2" лойиҳасига АҚШ санкция жорий қилган.

Германиядаги Bild наширининг хабар беришича, Bilfinger SE ширкати мамлакатда Россиянинг “Шимолий оқим-2” лойиҳасида иштирок этишдан воз кечган энг биринчи ширкат бўлди.

Bild нашрининг ширкат вакиллари ўртасидаги электрон ёзишмага таяниб хабар беришича, Bilfinger SE раҳбарияти АҚШ санкциялари ортидан мазкур лойиҳадаги иштирокини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган. АҚШ санкциялар қўлланиши ҳақида бир ҳафта олдин огоҳлантирган.

Bilfinger SE “Шимолий оқим-2” газ қувурининг хавфсизлик тизимини ишлаб чиқаётган эди. Шартномага асосан ширкат 15 миллион евро ҳақ олиши лозим.

Аввалроқ АҚШ “Шимолий оқим-2” газ қувури лойиҳасида иштирок этаётган ширкатларга санкция эълон қилган. Бунгача санкция таҳдиди мавжудлиги оқибатида лойиҳа устидаги иш бир йилга тўхтатиб қўйилганди.

19 январь куни “Газпром” инвесторларни лойиҳа устидаги иш музлатиб қўйилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бундан бир кун олдин эса Германия маҳаллий экологлар норозилиги ортидан ўз ҳудудидан қувур ўтказишга берилган рухстаномани бекор қилган эди.