Грузияда мухолифати раҳбари ҳибсга олиниши ортидан 18 февраль куни бош вазир Георгий Гахария истеъфога чиқди.
17 февраль куни Тбилиси шаҳар суди прокуратуранинг Бирлашган миллий ҳаракат раиси Ника Мелияни ҳибсга олиш тўғрисидаги талабини қондирган эди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан Грузияда сиёсий инқироз юзага келган.
Барча мухолиф партиялар парламентни бойкот қилиб, ўз ваколатларини қабул қилишдан бош тортмоқда.
Гахария истеъфога чиқаётгани ҳақида Тбилисида бўлиб ўтган махсус пресс-брифингда маълум қилди. Расмий Мелияга қарши суд қарори юзасидан ҳукмрон коалиция билан келиша олмаганини билдирди.
Мелия 2019 йилда содир бўлган ҳукуматга қарши намойишлар давомида «оммавий зўравонликларни» уюштиришда айбланмоқда.
Агар у айбдор деб топилса, тўққиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.