Грузия: Мухолифат сайлов натижаларини тан олмади

Грузияда парламент сайловларида ҳукмрон партия энг овоз тўплади.

Грузияда 31 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида ҳукмрон «Грузин орзуси» партияси ғалаба қозонганини иддао қилди.

Мухолифат эса сайлов натижаларини рад этиб, пойтахт Тбилисида норозилик акциясини ўтказишни режалаштирмоқда.

Марказий сайлов комиссияси бугунга қадар берилган овозларнинг 80 фоизи санаб чиқилганини, дастлабки натижаларга кўра, сайловчиларнинг 48,34 фоизи «Грузин орзуси» партиясига овоз берганини маълум қилди.

«Бирлашган миллий ҳаракат» мухолифат партияси эса 26,43 фоиз овоз тўплаган.

Кечаги сайловлар Грузияда сайлов жараёни ислоҳ қилинганидан кейин ўтказилган илк парламент сайловлари бўлди.

Июнь ойида киритилган ўзгаришларга биноан, 1 фоиздан кўп овоз тўплаган ҳар қандай партия парламентдан ўрин эгаллай олади.

Дастлабки натижаларга кўра, юқоридаги икки партиядан ташқари яна беш партия 1 фоиздан кўп овоз олган.

Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг 56 фоизи овоз берганини билдирди.

Мухолифат партиялари сайлов натижаларини тан олмади ва аҳолини 1 ноябрь куни тушдан кейин Тбилисида норозилик намойишига чиқишга чорлади.