Давлат бюджети 2021 йил учун мўлжалланган лойиҳасида Ўзбекистонда янги йилда табиий газ ва электр қуввати нархи оширилмаслиги белгилаб қўйилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз телеграм каналида маълум қилди.
“Шунингдек, бугун Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида иштирок этган Бош вазир Абдулла Арипов ҳам буни тасдиқлаб, бу аҳоли учун енгиллик яратиш ва қўллаб-қувватлаш йўлида қилинаётганлигини билдириб ўтди”,-деб ёзди Расул Кушербаев.
26 октябрь куни “Ўзбекистон 24” телеканалига интервью берган “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев 2021-2022 йилларда электр энергияси нархини оширмаслик режалаштирилаётгани ҳақида билдирган.
Унга кўра, бу борада 26 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтган йиғилишда кўрсатма берган.
Айни пайтда Ўзбекистонда шу кунларда светсиз-газсиз қолган аҳолининг ҳокимият идоралари олдида йиғилаётгани кузатилмоқда.
Озодлик радиоси 24 ноябрда Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида аҳоли газ ва эелектр талаб қилиб, норозилик йиғилишлари ўтказганини хабар қилган.
Мавзуга алоқадор Арзон кўмир ва огоҳлантириш: Расмийлар свет-газ талаб қилиб чиққан аҳолини тинчлантиришга уринмоқда