Давлат корхоналари “обнал фирма”лар билан сохта битим тузган

16 февраль куни Тошкентда 300 га яқин тадбиркор музлатиб қўйилган банк ҳисобларини очиш, ноҳалол контрагентлар тўламаган ҚҚСни улардан ундиришни тўхтатиш талаби билан Давлат солиқ қўмитасига борган.

Ўзбекистондаги 120та давлат корхонаси ва 86 та давлат улуши мавжуд корхона ҳалқ тилида “обнал” деб аталувчи нақдловчи фирмалари билан сохта битилмларни тузган ва давлатга катта миқдорда зарар етказган.

Давлат солиқ қўмитасининг билдиришича, нақдловчи фирмалар билан сохта битим тузган 120та давлат корхонаси бюджетга 47,3 миллиард сўм, 86 та давлат улуши мавжуд корхона 48,1 миллиард сўм қўшимча қиймат солиғини тўламаган.

Давлат солиқ қўмитаси нақдловчи фирмалар билан ҳамкорлик қилган ва солиқ тўламаган жами 396та корхонадан иборат рўйхатни тузди.

Расман билдирилишича, бундай сохта битимларни тузган тадбиркорлик субъектлари 10 мингга яқин. Улар қарийб 1 триллион сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғини тўламаган.

Озодлик радиоси 16 февраль куни Тошкентда 300 га яқин тадбиркор музлатиб қўйилган банк ҳисобларини очиш, ноҳалол контрагентлар тўламаган ҚҚСни улардан ундиришни тўхтатиш талаби билан Давлат солиқ қўмитасига боргани ҳақида хабар берган эди.

16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - Бизнес омбудсман ҚҚС юзасидан тадбиркорлик субъектларига юборилган хабарномаларнинг қонунийлигини ўрганишни бошлагани тўғрисида баёнот берди.