Давлат органларининг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашуви ва бюрократик тўсиқлар оқибатида 5 минг 833 та тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилган. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Бош прокуратура бошқармаларидан бирининг бошлиғи Хуршид Шуҳратжонов маълум қилди.
Расмийнинг айтишича, тадбиркорлар ҳуқуқини асосан солиқ идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, банк муассасалари, қурилиш, кадастр, коммунал хизмат кўрсатиш идоралари бузмоқда.
Жумладан, 1 минг 281 нафар тадбиркорнинг банкдаги ҳисоб варақлари бўйича операциялари асоссиз тўхтатиб қўйилган, 347 нафар тадбиркордан ортиқча маблағ ундирилган.
Бундан ташқари 466 тадбиркорнинг мурожаати эътиборсиз қолдирилган, 408 тадбикорга лицензия ва рухсат бериш тартиби бузилган, 838 тадбиркорнинг имтиёзлар ва преференцияларга бўлган ҳуқуқи топталган.