Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бундан буён давлат органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини назорат қилиб боради.
Вазирликнинг билдиришича, президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан бу борадаги меморандум 16 ноябрь куни имзоланди.
Меморандумда таъкидланишича, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда давлат хизматчиларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш ҳамда “соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, барча ташкилотларда меҳнат унумдорлигини оширишда спортнинг муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғибот ва ташвиқот қилишга қаратилган тадбирларни амалга оширади”.
Бундан ташқари 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида ходимлардан бирига “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юкланади. Мазкур ходимнинг иш ҳақига қўшимча вазифани бажаргани учун 20 фоиз миқдорда устама белгиланади.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 30 октябрида имзоланган ва 3 ноябрь куни расмий матбуотда ёйинланган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда “ҳар бир оила, маҳалла ва туман (шаҳар)да, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш” кўрсатмаси берилган эди.
Мазкур фармонга биноан “Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан; ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади”.