Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновни фуқароларга нисбатан феодал бошқарув усулини қўллашда айблади.
Ҳокимият вакилларига қаратилган танқидлари билан танилган Кушербаев, шунингдек, Абдураҳмоновни ўтмишда ўзи мансуб бўлган коммунистик тузум бошқарувидан узоққа кета олмагани учун танқид қилди.
“Кўплаб амалдорларнинг қўпол муомаласи ва қонунларга “тупуриб қўйиб” феодал замон каби кимни истаса, ўшани 15 суткага қаматиб юбориш принципи яқин тарихда пайдо бўлиб қолган бошқарув услуби эмас. Мен буни Ленин инқилобидаги “ҳокимият, бошқарувни деҳқон ва юпунларга бер” деган сиёсатнинг оқибати, деб биламан”, деб ёзди Расул Кушербаев ўзининг расмий Телеграм каналида.
Кушербаевнинг баёноти Андижон вилоятининг зиддиятли ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган аудиоёзуви ортидан янгради.
Аудиоёзувда ҳоким Абдураҳмонов “қичиқ савол берган” журналистларни “ҳезалак” дея ҳақорат қилиб, ўзига “сассиқ гапирган” марҳаматлик уч нафар аёлни "15 суткага қаматгани"ни айтиб мақтанади.
Бу борада 13 ноябрь куни изоҳ берган Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати аудиоёзув "эски"лиги, унинг 2 йил муқаддам ёзилганини урғулаган.
Кушербаевга кўра, Андижон вилоят ҳокимининг аудифайлдаги сўзларни қачон айтгани муҳим эмас.
“Муҳими – у Ленин сабаб бошланган “бошқарув мактаби”нинг содиқ вориси бўлиб, вакиллик, суд органлари устидан амалда мутлақ ҳокимият ўрнатиб олган феодал замонига мос инсонлиги”, деб айтди Кушербаев.
Депутат таъбирича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига эътибор қаратаётган, мажбурий меҳнат ва бошқа муаммоларга қарши курашаётган бир пайтда "бу жуда хунук ва шармандали ҳолатдир".
“Ҳеч бўлмаса, демократия ҳурмати учун ҳам ҳоким жаноблари Андижоннинг “ҳокими мутлақ”и эканлигини билдириб, мақтанмаса бўларди-ку”, деб ёзган Расул Кушербаев.
Андижон вилояти ҳокимига тегишли мазкур аудиоёзув Интернет тармоғининг ўзбек сегментида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Бундан аввал қатор ўзбек мулозимларига тегишли аудиоёзувлар интернетга сиздирилганди.
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Фарғона вилоятининг собиқ раҳбари ва жорий бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг журналист ва блогерларга таҳдид қилган аудиолари норозиликларга сабаб бўлган.
Президент Мирзиёев ўз чиқишларида журналист ва блогерларни ҳимоя қилган, аммо ҳозирга қадар бу каби аудиоёзувлар ортидан биронта мулозим истеъфога чиқарилмаган.