ДХХ матбуот хизматининг маҳаллий матбуотга билдиришича, Қашқадарё вилояти бўйича ДХХ бошқармаси ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда Деҳқонобод туманида 12 кишидан иборат “Жиҳодчилар” оқимига мансуб гуруҳни қўлга олди.
“Гуруҳнинг 1969–1995 йиллар оралиғида туғилган 12 нафар аъзоси орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар бор”,-дейилади расмий билдирувда.
Гуруҳ аъзоларининг уларидан диний мазмундаги аудио-видео материаллар, нашриёти кўрсатилмаган китоблар топилган. Улар экспертизадан ўтказиш учун топширилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг июнида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида Сурияда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” таркибига қўшилишни режалаштираётган гуруҳ қўлга олингани ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берган.
Ўтган йили Тошкентда камида 21 киши “Тавҳид ва жиҳод катибаси”га, Тошкент вилоятида 25 киши “Жиҳодчилар” гуруҳига, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ҳам бир неча киши “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани хабар қилинганди.