Диний идора ДХХнинг расмий хабарига раддия берди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Деҳқонободда “жиҳодчилик”да айбланиб қўлга олинган 12 киши орасида масжид имоми бўлгани тўғрисидаги ДХХ расмий хабарига раддия билдирди.

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди идоралар билан олиб борган мулоқотлари натижасида, ушбу хабарда гуруҳ аъзолари қаторида келтирилган масжид имом ноиби аслида бошқа касб эгаси экани маълум бўлди”,-деб билдирган муфтият матбуотни ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик борлигидан огоҳлантирди.

31 октябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда ДХХ матбуот хизматининг Деҳқонобод туманида “жиҳодчилик” оқимига мансуб 12 киши қўлга олингани тўғрисидаги расмий билдирувини чоп этган эди.

Гуруҳ таркибида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ўрта мактаб ўқитувчиси, масжид имом-ноиби, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда мавсумий ишчилар борлиги айтилган эди.