Дунё бўйлаб COVID-19 — янги коронавирусни юқтирганлар сони 162 мингдан, вирусдан ўлганлар сони эса 6 мингдан ошди.
Вирус пандемияси туфайли ширкатлар вақтинча ёпилар экан, марказий банклар хавотирга тушиб қолган молиявий бозорларни барқарор ушлаб туриш учун кескин чораларни кўришга мажбур бўлмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европани пандемиянинг янги ўчоғи дея эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг янги тури ўтган йилнинг декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқала бошлаган эди.
Баъзи Европа давлатларида фавқулодда вазият жорий қилинди — ўзаро чегаралар ёпилди, катта тадбирлар бекор қилинди, савдо дўконлари, мактаблар ёпилди, ташкилотлар ходимлари уйидан ишлаш режимига ўтди.
Бир кунда 2000 одам вирусни юқтирган Испания 16 март куни ўз чегараларини ёпиши кутилмоқда. Испанияда вирусга чалинганлар сони 8000 дан ошди. Италияда эса бугунга қадар 24 мингдан ошиқ одам вирусни юқтиргани айтилмоқда.
Бу орада Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши билан барча таълим муассасаларини 16 мартдан ёпиш қарори эълон қилинди.