17 март куни Тошкент вақти билан соат 01-55 да Тошкент Халқаро аэропортига Ҳиндистондан COVAX дастури орқали COVID-19га қарши 660 минг доза COVISHIELD вакцинаси мурувват ёрдами сифатида етказиб берилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига топшириладиган мазкур вакцина ЮНИСЕФ ташкилоти томонидан олиб келинмоқда ва унинг умумий қимати 1 миллион 980 минг долларга тенг.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати расмий баёнотида COVISHIELD вакцинаси AstraZeneca вакцинасига Ҳиндистон ишлаб чиқарувчилари томонидан берилган ном эканини очиқ айтилмаган.
Дания, Норвегия, Исландия, Италия, Германия, Франция, Испания ва Болгария қонда тромблар пайдо бўлиши кузатилгани ортидан AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни тўхтатган.
COVAX дастури камбағал давлатларга коронавирусга қарши вакцинани бепул етказиб бериш мақсадида ташкил этилган. Расман билдирилишича, Ўзбекистонга мазкур дастур орқали 2021 йилда 2,64 миллион доза AstraZeneca вакцинаси етказиб берилади.