Ғарбий Европадан қайтган минглаб меҳнат муҳожирлари Венгрия-Руминия чегарасига етиб борди. Уларни Австрия-Венгрия чегарасидан полиция кузатиб келди.
7 мингга яқин руминиялик Венгрия коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида Австрия билан чегарасини ёпиши ортидан 24 соат кутишга мажбур бўлган эди.
Уйига қайтаётган руминияликларнинг аксари Италия ва Испаниядан келаётгани айтилмоқда. Италия Европада коронавируснинг ўчоғига айланган.
17 март куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳукумати мамлакат чегараларини ёпган эди.
Руминия матбуоти 17 март куни Будапешт рухсати билан 800 дан ошиқ автомобиль Венгрия-Руминия чегарасига етиб борганини хабар қилди.
Аввалроқ Руминия ташқи ишлар вазири руминиялик муҳожирларнинг Венгрия орқали ўтишига изн берилишини сўраб Будапештга расман мурожаат қилган эди.