Европа Инсон ҳуқуқлари суди (ECHR) 16 февраль куни Германия ҳукуматининг Афғонистонда ўнлаб аҳоли ўлимига сабаб бўлган ҳаво ҳужумини ўтказишга буйруқ берган зобитни жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарори устидан жабрланувчи киритган шикоятни рад этди.
2009 йил сентябрь ойида АҚШ самолётлари Афғонистонда ёнилғи ташиётган икки танкерни бомбардимон қилган эди. Ҳужум пайтида ўнлаб афғон фуқаролари вафот этганди.
НАТО қўмондонлиги бу танкерларни Қундуз вилоятида Толибон кучлари эгаллаб олган деб гумон қилган. Германиялик зобит Толибон танкерлардан теракт уюштиришда фойдаланиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, уларга зарба беришни буюрган.
Страсбургда жойлашган Европа маҳкамаси мана шу ҳаво ҳужумида икки ўғлидан айрилган афғонистонлик Абдул Хананнинг Германия ушбу фожиа юзасидан самарали тергов ўтказмаганлиги тўғрисидаги шикоятини кўриб чиқишни рад этди.
Даъвогар, шунингдек, Германияда унга нисбатан "ҳуқуқий ҳимоянинг самарали ички воситаси" тақдим қилинмаганидан шикоят қилган.
ECHR ўз қарорида Германия прокурорлари ҳаво ҳужумининг "сабаблари ва оқибатларига оид кўплаб материалларга таянган ҳолда" ҳукм чиқаришга қодир бўлганини айтган.
Қарорда, шунингдек, судлар, шу жумладан Германиянинг энг олий суди бўлмиш Конституциявий суди Хананнинг даъволарини рад этганлиги, парламент комиссияси эса "бу иш жамоатчилик назорати остида ўтишини таъминлагани" таъкидланган.