Европа суди Грузия Саакашвили соғлиғини таъминлашга мажбур экани тўғрисида қарор чиқарди

Саакашвили 1 октябрь куни Грузияга кириб келиши билан “чегарадан ноқонуний ўтганлик” айблови асосида қамоққа олинган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвилини очликни тўхтатишга чақирди. Суд қарорида Грузия ҳукумати Саакашвилининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаши лозим, деб таъкидланди.

Европа судига Саакашвилининг адвокатлари мурожаат қилган. Улар Саакашвилини қамоқхона касалхонасидан хусусий клиникага ўтказишни илтимос қилган эдилар. Бироқ суд бу даъвони қаноатлантирмади.

Саакашвили 1 октябрь куни Грузияга кириб келиши билан “чегарадан ноқонуний ўтганлик” айблови асосида қамоққа олинган. У ўзининг қамоққа олинишига норозилик сифатида очлик эълон қилган. Адвокатлар унинг саломатлиги ёмонлашганини айтмоқда.

2004-2013 йилларда Грузияни бошқарган Саакашвили бундан олдин маҳаллий суд ҳукми билан сиртдан 8 йилга қамалган эди. Саакашвили ўзига билдирилган барча айбларни тан олмаган.