Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатларига коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироз қабатида минтақага ёрдам пакети доирасида 134 миллион евро (тақрибан 159 миллион АҚШ доллари) ажратди. Бу ҳақда Европа ташқи алоқалар хизмати маълум қилди.
“Маблағлар Марказий Осиё мамлакатларининг кечиктириб бўлмайдиган ва узоқ муддатли эҳтиёжларини қондириш учун, жумладан соғлиқни сақлаш, сув таъминоти ва санитария тизимларини мустаҳкамлаш ҳамда инқирознинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф қилиш учун тақдим этилган”, дейилади ЕИ — Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг 16-учрашуви якунларига кўра ёйинланган баёнотда.
Чоршанба куни тарқатилган қўшма коммюникеда видеоконференция форматида бўлиб ўтган учрашув иштирокчилари “қонун устуворлиги, демократик бошқарув ҳамда инсон ҳуқуқлари” соҳаларида “олға силжишни таъминлашнинг муҳим”лигини қайд этганлар.
Шу йил июль ойида Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари эҳтиёжларини қондириш учун бюджети 3 миллион еврога тенг бўлган бирдамлик ёрдами пакети ишга туширилганини эълон қилганди. Дастур доирасида COVID-19 пандемияси тарқалиши оқибатларини юмшатишда кўмак кўрсатиш ҳам кўзда тутилган.
Ҳуқуқ фаоллари Марказий Осиё мамлакатлари расмийлари COVID-19 пандемиясидан сиёсий йўналишга қарши бўлганлар танқидини бостириш ҳамда мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эркинлигини чеклашда фойдаланаётганини айтиб келадилар.
Ташқи ишлар вазирлари учрашуви арафасида қатор халқаро ва минтақавий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Европа Иттифоқини Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари билан мазкур “хавотирли тенденциялар”ни муҳокама қилишга чақирганлар.