22 февраль куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россияда мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоққа йўлланиши ва унинг сафдошларига қарши қатағон уюштирилиши муносабати билан «муайян шахсларга» қарши санкция жорий қилишга келишиб олди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги иттифоқнинг бу қароридан «ҳафсаласи пир бўлганини» билдирди ва блокнинг Ташқи ишлар кенгашини «уйдирмалар» асосида Россия фуқароларига қарши «ноқонуний чекловларни жорий қилишда» айблади.
Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жосеп Боррель янги санкциялар билан нишонга олинадиган россияликлар рўйхатини тузишини айтди.
Бир неча ахборот агентлиги аноним дипломатик манбаларга таянган ҳолда ЕИ тўрт нафар юқори лавозимли амалдор, шу жумладан, Россия Федерал Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинни жазолашга келишиб олгани ҳақида хабар берди.
Ўтган йил октябрида ЕИ Навальнийнинг «Новичок» моддаси билан заҳарланиши важидан россиялик олти нафар мулозимни «қора рўйхат»га киритган эди.