Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель блок ва Россия ўртасидаги муносабатлар «бурилиш нуқтасида» эканини айтди.
Боррель 7 февраль куни блог ёзиб, Россияга ташрифи «жуда мураккаб» бўлганини билдирди.
«Тажовузкор руҳда ўтказилган матбуот анжумани ва ташрифим давомида уч нафар ЕИ дипломати мамлакатдан чиқариб юборилгани Россия ҳукумати ЕИ билан конструктив мулоқот қилиш учун ушбу имкониятдан фойдаланишни истамаганини кўрсатади», - деб ёзди Боррель ўз постида.
5 февраль куни Боррель билан ўтказилган матбуот анжумани давомида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ЕИни «ишончсиз ҳамкор» деб атади.
Россия расмийлари Швеция, Польша ва Германия дипломатларини 23 январь куни ҳибсга олинган мухолифатчи Алексей Навальний ҳимоясига ўтказилган норозилик намойишида қатнашишда айблаб, мамлакатдан бадарға қилди.
Боррель ЕИни «Россия билан муносабатларимизни қандай йўналишда олиб кетиш ҳақида чуқур ўйлаб кўришга ва қатъият билан ҳамда бирдамликда чора кўришга» чақирди.