Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кириш имкониятларини ўрганишни бошлаганига уч йил бўлди, ушбу масала бўйича ташқаридан ҳеч қандай босим йўқ.
Бу баёнот Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 4 сентябрь куни журналистлар билан учрашувда қилгани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.
Тадбир Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари муносабати билан ташкил этилди.
Мазкур ташриф чоғида Матвиенко президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши масаласи устида иш олиб бораётганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, Тошкент учун иттифоққа қўшилишда афзалликлар ва хавф-хатарлар таҳлили бўйича ишлар жорий йил охирига қадар якунига етиши мумкин.
«Ўзбекистон Республикасига босим бўлганми, деган саволни ҳатто қўйманг ҳам. Ўзбекистон — унга босим ўтказиш мумкин бўлган мамлакат эмас», — деган Содиқ Сафоев журналистнинг иттифоққа қўшилиш масаласида босим ўтказилиши эҳтимоли мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари ҳозирда Ўзбекистон томони ушбу ташкилотга қўшилиш имкониятларини ўрганаётганини маълум қилди.
«У ерда ўзига яраша камчиликлар, шунингдек, афзалликлар ҳам бор. Ҳар қандай интеграцион ҳамжамиятга қўшилиш маълум бир ваколатларнинг топширилишини, бироқ шу билан бирга, ташкилот доирасидаги баъзи имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқининг қўлга киритилишини назарда тутади», — деди у, «ҳозирча ҳеч қандай қарор йўқлиги, иш кетаётгани, ЕОИИнинг барча мамлакатлари билан маслаҳатлашувлар олиб борилаётгани»ни қўшимча қилиб.
Сенатор ЕОИИга қўшилиш масаласи устида иш олиб бораётган экспертлар ушбу масала бўйича якдил фикр ҳосил бўлганидан сўнг жамоатчиликни бу ҳақда хабардор қилишига ваъда берди.
Содиқ Сафоевнинг қайд этишича, уч йил аввал Ўзбекистоннинг янгиланган — нисбатан очиқ, нисбатан прагматик, кўп ҳам сиёсийлаштирилмаган ва нисбатан ғоясизлантирилган ташқи сиёсатини амалга ошириш бошланган эди. Худди шунча вақтдан бери Ўзбекистоннинг минтақавий ташкилотлар билан муносабатларини қайта кўриб чиқиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.
«Бу тўғри хатти-ҳаракат: минтақавийлашув — бу глобаллашувнинг бир қисми ва мамлакатларнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Бир неча мисол келтираман: Ўзбекистон Туркий кенгашга қўшилди. Бу 25 йил давомида биз ундан қўрққан, қочган ташкилот. Ушбу ташкилотга қўшилиш юзасидан бизнинг сегментимизда қандайдир ўзига хос шов-шув бўлгани йўқ. Ваҳоланки, ўз вақтида бу масала кун тартибига ҳам қўйилмаган эди», — деди сенатор.
- Озодликнинг "Қурултой" эшиттиришида “расмий Тошкент сукути ЕОИИга кириш учун розилик аломатими?” деган савол жавобини муҳокама қилинди:
-
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди