Етим болалар давлат таъминотига олинади. Ўқишни битирганларга 22 миллион сўм берилади

Етим болаларга 446 минг сўм чўнтак пули берилади.

Бундан буён етим болаларга чўнтак пули сифатида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида чўнтак пули берилади. Адлия вазирлигининг билдиришича, бу борда ҳукуматнинг 739-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, етим болалар, ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар таълим муассасалари, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда, шунингдек, олийгоҳларда ўқиётган пайтда тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (446 минг сўм) пул тўланади.

Бундан ташқари улар тўлиқ давлат таъминотига олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан тўлиқ таъминланади.

Давлат таъминотида бўлган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун БҲМнинг 100 баравари (22 млн 300 минг сўм), йўл харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) миқдорида битирув нафақаси берилади.