Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадида Ўзбекистондаги тўртта тижорат банкига 220 млн доллар ажратади.
Бу ҳақда хабар қилган Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизматига кўра, 7 апрель куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ЕТТБ президенти С. Чакрабарти билан ўтказган видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан берилган сўровга жавобан кўмакнинг биринчи босқичи муҳокама қилинган.
ЕТТБ томонидан шакллантирилган Бирдамлик пакети (Пакетнинг умумий миқдори 1 млрд доллар) ҳисобидан тўртта ўзбек тижорат банкига умумий қиймати 220 млн доллар бўлган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линиялари ва савдони молиялаштириш линиялари тақдим этилади.
Шу билан бирга, аҳоли ва корхоналар томонидан тўлаб бориладиган коммунал тўловлар тушумларини пасайиши оқибатида қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама этилган. ЕТТБ ушбу йўналишга 100 млн доллар миқдоригача бўлган молиялаштиришни тақдим этиш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.