Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линде 14 апрель куни Тошкентда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Озодликка бу ҳақда ЕХҲТ раиси билан учрашувда иштирок этган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
“Қисқа учрашувларда “Эзгулик” жамияти, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази, “Истиқболли авлод” сингари ноҳукумат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Фуқаролик жамияти вакиллари мамлакатдаги аҳвол, ижтимоий-сиёсий вазиятга турли тарафлардан баҳо беришди”, - дейди А. Ташанов.
Учрашувда “Эзгулик” ташкилоти вакиллари мамлакатда сўз эркинлиги кузатилаётган бир пайтда бошқа тизимларда ислоҳотлар олға силжимаётгани ҳақида гапирганлар.
Ташановга кўра, “мамлакатда ягона ташаббускор бўлган президентнинг чақириқлари, ислоҳотлар жамиятда уни қўлловчи институционал тизим бўлмагани боис ўрта бўғинда синмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам”.
13 апрелда Тошкентга келган Линде хоним ташрифи доирасида Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкентга сафари доирасида Анн Линденинг Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиши ҳам режаланганини билдирган.
Ўзбекистонга ташрифи олдидан ЕХҲТнинг амалдаги раисаси Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлган. Тошкент сафаридан сўнг мулозиманинг Тожикистонга йўл олиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, Анн Линде 16 апрель куни видеоалоқа воситасида Туркманистон ташқи ишлар вазири билан музокара ўтказиши ҳам режаланган.