Президент Трамп Жанубий Корея билан йиллик ҳарбий машғулотларни тўхтатамиз, демоқда. Бироқ бу АҚШнинг минтақадаги иттифоқчилари ва айрим ҳарбий мутахассисларни хавотирга солмоқда.
Доналд Трампнинг Ким Чен Ин билан Сингапурда ўтган тарихий учрашувидан сўнг АҚШ президенти ярим оролдаги ҳарбий машқларни тўхтатишни ваъда қилди.
«Бизга қимматга тушаётган ҳарбий ўйинларни тўхтатамиз. Чунки улар ўта провокациондир. Шимолий Корея ғашини келтирадиган амалиёт тўхталишидан хурсанд. Агар самимий келишиб олсак, машғулотлардан воз кечамиз. Ҳам кўп пул тежаймиз», - деди Трамп.
Айрим экспертлар президентнинг машғулотларни Хитой ва Шимолий Корея таърифи каби провокацион, деб атаганини танқид қилмоқда.
«Американинг олдинги президентлари ҳарбий машғулотларни провокацион, деб атамаган. Улар мудофаани машқ қилишга қаратилган», - дейди Американинг Корея иқтисодиётини ўрганиш институтидан Кайл Ферриер.
Бундан бехабар Жанубий Корея расмийлари Президент Трамп билан учрашиб, масалани ойдинлаштирмоқчи.
АҚШнинг Жанубий Кореядаги қўмондонлиги вакили берган маълумотга кўра, қўшинларга янги кўрсатма ва буйруқ келмаган, ҳарбий хизмат одатдагидай ўтмоқда.
Баъзилар Трампнинг ҳарбий машғулотларни тўхтатиш қарорини чекиниш ва ён бериш, деб кўрмоқда.
«Ким Чен Ин йил бошидаги баёнотида машғулотларга қонуний асос борлигини, уларнинг зарур эканини тушунишини айтган эди. Шундан бир неча ой ўтиб, Президент Трамп машғулотларни тўхтатамиз, демоқда. Шимолий Корея ҳали ҳеч бир иш қилмай туриб шундай бўлаётгани қизиқ», - дейди Ферриер.
Бошқалар назарида эса, бу ядровий қуролсизланишга эришиш йўлида муҳим ва дадил қадам бўлди.
«Бу ён бериш эмас, бу шунчаки танаффус. Ҳеч нарсадан воз кечаётганимиз йўқ. Ҳарбий салоҳиятларимизни йўқотмаган ҳолда шунчаки ҳаракатларни тўхтатиб турибмиз. Аммо агар бу таҳдиднинг камайишига олиб келса, демак Америка манфаатларига жавоб беради», - дейди истеъфодаги подполковник Даниел Дейвис.
Жанубий Кореяда 28 минг 500 америкалик ҳарбий бор. Шулардан 3500 нафари жанговар бригадани ташкил этади. Трамп келгуси музокараларда уларни яриморолдан кўчиришни таклиф этиб, баъзи масалаларда устунликка эришиши мумкин, дейди Дейвис.
«Бу қўшинлар олдига қандай мақсад қўйилган? Бизни ҳимоя қилиш. Аммо бу кучларни олиб чиқиш билан ҳимоямиз кучаядиган бўлса, демак бу вариантни жиддий кўриб чиқиш керак», - дейди мудофаа масалалари билан шуғулланувчи компания эксперти.
Айни дамда АҚШнинг яриморолдаги қўшинлари сонини қисқартириш кун тартибида йўқ. Бунинг учун Ким Чен Ин аввал қуролсизланиш йўлида конкрет қадамлар қўйиши зарур.