18 март куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг апелляция ҳайъати собиқ сиёсий маҳкум, 50 яшар Чўян Маматқуловни оқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти хабар қилди.
Хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг захирадаги собиқ зобити ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли бўлган Чўян Маматқуловга нисбатан қўйилган барча айбловлар олиб ташланган ва у Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексининг 83-моддаси 2-қисми (Жиноят таркиби мавжуд эмаслиги) билан тўла оқланган.
Чўян Маматқулов Ўзбекистон Респбуликаси ЖКнинг одам ўғирлаш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, осойишталикка таҳдид солувчи материаллар тарқатиш, фирибгарлик, наркотиклар сақлаш ва сотиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш сингари ўта оғир жиноятларда айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Жазо муддатининг катта қисмини Жаслиқ лагерида ўтаб чиққан Чўян Маматқулов 2012 йилнинг 29 августида қамоққа олинган ва Қашқадарё вилояти судининг ҳукми билан 10 йилга қамалган. 2018 йилнинг 25 мартида шартли равишда жазо муддати тугашидан аввал озодликка чиқарилган.