Жаҳон банки "Стратегик тайёргарлик ва жавоб дастури" нинг бир қисмини (тезкор молиялаштириш глобал пакетининг ҳажми 14 миллиард АҚШ долларини ташкил этади) Ўзбекистоннинг инқирозга қарши дастурини қўллаб-қувватлаш учун сафарбар этади. Банк раҳбарияти ҳозирги вақтда соғлиқни сақлаш тизимини, ижтимоий ҳимоя институтлари ва муассасаларини ва бюджет кўмагини молиялаштириш учун 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағларни оператив ажратиш масаласи фаол кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда Европа ва Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти С.Мюллер Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковга 6 апрелда ўтказилган видеоконференция давомида билдиргани тўғрисида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
"Томонлар аҳолини коронавирусдан ҳимоя қилишга, корхоналарни, биринчи навбатда, кичик ва ўртача тадбиркорлик субъектларини, қишлоқ хўжалик махсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган биргаликдаги истиқболли чораларни муҳокама этишди. Шу қаторда, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга коронавирус глобал пандемияси кўрсатган таъсирини юмшатишда Жаҳон банки кўмагининг имкониятлари ва механизмлари келишиб олинди", дейилган расмий хабарда.
Видеоконференция якунлари бўйича С.Мюллер Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатиш масаласи устувор тартибда кўриб чиқилишига ишонтиргани, томонлар бундай видеоконференция алоқаларни доимий равишда ўтказишга келишиб олгани хабар қилинди.