2021 йилда Қирғизистонда қашшоқлик даражаси яна 4 фоизга ўсиб, 35 фоизга етиши мумкин. Ушбу ҳолатни икки сабаб билан изоҳлаш мумкин: озайиб бораётган даромад манбалари ва ошиб бораётган инфляция даражаси. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Навид Ҳасан Нақви билдирди.
Нақвининг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси Қирғизистон каби ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиёти учун қаттиқ зарба бўлди. Пандемия туфайли ривожланган мамлакатлар иқтисодиёти ўртача 4,4 фоизга қисқарган бўлса, Қирғизистон учун бу кўрсаткич 8,6 фоизни ташкил қилади.
Навқи Қирғизистонда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ривожланиш инқирозидан ташқари, сиёсий муаммолар ҳам борлигини айтиб ўтди.
Жаҳон банкининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари иқтисодиётни тиклаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва тўхтаб қолган лойиҳаларни қайта бошлаш учун барча сиёсий жараёнларни қисқа вақт ичида якунлаш кераклигини айтди.
Пандемия фонида 2020 йил Қирғизистон иқтисодиёти учун сўнгги 26 йил ичида кузатилган энг оғир йил бўлди – республика ЯИМ 8,6 фоизга қисқарди.
Ўтган йили инфляция даражаси 9,7 фоизга етди.
Озиқ-овқат ва алкогольсиз ичимликлар 17,6 фоизга қимматлаган. 2020 йилнинг 9 ойи таҳлили аҳолининг реал даромади 5 фоизга озайганини кўрсатган.