Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти - ЖССТ АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech ширкатлари ҳамкорликда ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцинани фавқулодда қўллашга рухсат берди. Ташкилот Pfizer-BioNTech вакцинаси хавфсизлик ва самарадорлик бўйича талабларга жавоб беришини билдирган.
ЖССТ коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакциналар орасида биринчи бўлиб Pfizer-BioNTech вакцинасини қўллашга рухсат берди. Энди, ЖССТнинг расман билдиришича, ҳар бир давлат ўз ички талабларидан келиб чиққан ҳолда, бу вакцинани қўллаш ва аҳолини эмлаш ишларини бошлаши мумкин.
ЖССТнинг қарори ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотларга бу вакцинани жаҳон давлатларига тарқатишга имконият яратади.
Аввалроқ ЮНИСЕФ коронавирусга қарши 2 миллиард вакцина сотиб олиш режасини эълон қилган эди.
Бугунги кунда жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 83 миллиондан, ўлган беморлар сони 1,8 миллион кишидан ошди.
АҚШ ва Европа Иттифоқи ўтган ойда Pfizer-BioNTech вакцинаси билан аҳолини оммавий эмлаш ишларини бошлаган.
Айни пайтда Россия коронавирусга қарши ўзи ишлаб чиққан "Спутник V" вакцинаси билан аҳолини эмламоқда.