Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 91,5 миллиондан ошди

Жаҳоннинг айрим давлатларида коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда.

Коронавирус бўйича жаҳон статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, дунёда COVID-19га чалинганлар сони 91,5 миллион кишидан ошди. Беморлардан 2 миллионга яқини вафот этди.

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича жаҳонда АҚШ биринчиликни эгалламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, АҚШда 22 миллион 229 мингдан ортиқ кишига коронавирус юққан.

Коронавирусга чалинганлар сони бўйича иккинчи ўринда Ҳиндистон (10,479 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Бразилия (8,105 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринда Россия (3,448 миллиондан ортиқ), бешинчи ўринда эса Буюк Британия (3,118 миллиондан ортиқ) бормоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бир сутка давомида АҚШда 220 528, Ҳиндистонда 12 584, Бразилияда 29 792, Россияда 22 934, Буюк Британияда эса 46 169 нафар янги касалланиш ҳолати аниқланган.